Ўзбекистон иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев мамлакатда беш йиллик «Обод маҳалла» дастури қабул қилиниши, у шаҳарларнинг қиёфасини ўзгартириши кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар бермоқда.
«Яқин кунлар ичида янги дастурни кўрасизлар. У ‘Обод маҳалла’ деб аталади», — деди Хўжаев Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги халқаро конференцияда.
Вазир дастурга харажатлар 12—15 триллион сўмга баҳоланаётганини таъкидлаб ўтди.
Дастур мамлакат саноат ишлаб чиқаришининг қарийб 54 фоизини ташкил этаётган асосий 30 шаҳарнинг «ташқи қиёфасини янгилаш»га қаратилган.
«Қабул қилинадиган тадбирлар аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилиши керак», — деди Хўжаев.
Ўзбекистонда «Обод қишлоқ» номи остида шу каби дастур амалга оширилмоқда. У узоқ аҳоли пунктларидаги ҳаёт шароитларини яхшилашга қаратилган. Масалан, 2018 йилда мамлакатнинг 174 та туманидаги 368 маҳалла ҳудудини комплекс янгилаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилган.
Изоҳ (0)