Оқ уй жамоаси АҚШ президенти Дональд Трамп ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўртасида бўлиб ўтиши кутилаётган учрашув майдончасини ҳозирлаш учун Сингапурга йўл олади. Бу ҳақда, Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерсга асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
«Аввалдан режалаштирилганидек, Оқ уй жамоаси Сингапурга учиб кетади», — деди Сандерс хоним.
Аввалроқ Вашингтон ва Пхеньян икки мамлакат етакчилари учрашувини 12 июнь куни Сингапурда ўтказишга келишиб олгани маълум бўлганди. Бироқ 24 май куни Трамп Ким Чен Ин билан учрашмаслигини эълон қилди. «Сиз билан учрашишни жуда истагандим. Афсуски, бироқ очиқ душманлик кайфияти сезилиб турган сўнгги баёнотларингиздан сўнг, ушбу саммитни ўтказишни ўринсиз деб ҳисоблайман. Сингапурдаги учрашув бўлмайди», — деб ёзганди АҚШ президенти КХДР етакчисига.
КХДР томони Трампнинг бу қарорини кутилмаган деб атаб, мамлакат раҳбарияти тинчликка эришиш йўлида ишлаш ниятини ҳали йўқотмаганини маълум қилди. Шимолий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари Ким Ге Гваннинг сўзларига кўра, КХДР томони АҚШ билан исталган вақтда музокаралар олиб боришга тайёр.
Шундан сўнг АҚШ президенти КХДРнинг тинчликка йўғрилган йўлланмасини юқори баҳолаганини маълум қилди.
Изоҳ (0)