Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов бир гуруҳ фаол ёшлар билан учрашиб, уларнинг инновацион ғоялари, ташаббусларини ўрганди, муаммоларини тинглади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Кармана тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви вилоятдаги истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг янги ғоялари, ташаббус ва интилишларини рағбатлантириш билан бошланди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳузурида фаолият юритиб келаётган «Ёш олимлар» клубига жорий йил бошида вилоят ҳокими 65 миллион сўм ажратган эди. Навбатдаги учрашувда мазкур клуб раҳбари, Кармана туманидаги 21-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси, ёш ихтирочи Ҳумоюн Ҳайдаровга Навоий шаҳридаги «Ёшлар маркази»да бўлажак олимларга ажратилган ва тўлиқ жиҳозланган хона калити ҳамда ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш учун 150 миллион сўм тақдим этилди.
Кўтаринки кайфиятда бошланган учрашув очиқ мулоқот тарзида давом этиб, бир қанча муаммолар, таклифлар ўртага ташланди. Унда Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, Кармана, Навбаҳор, Нурота, Учқудуқ, Томди, Конимех туманларидан келган ўқувчи ва талабалар, тадбиркорлар, уюшмаган ёшлар ўз муаммоларини айтди.
Изоҳ (0)