Саккиз нафар аёл CNN телеканалига аноним тарзда актёр Морган Фриман томонидан жинсий тегажоқлик ёки номақбул хулққа учрагани ҳақида маълум қилди, деб ёзади Meduza. Яна саккиз киши актёрнинг бундай хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлганини тасдиқлади.
CNN манбаларига кўра, актёр суратга олиш майдончасида, ўзи роль ижро этган фильмларнинг реклама кампаниялари чоғида, шунингдек, ўзининг Revelations Entertainment продюсерлик компанияси офисида номақбул луқмалар ташлаган ёки уларга дахл қилган.
Бир неча аёл Фриман иштирокидаги Going in Style («Чиройли тарзда кетиш») ва Now You See Me («Алдов иллюзияси») фильмларини суратга олиш жараёнида актёр уларга тегажоқлик қилгани ва номақбул гаплар айтганини даъво қилган.
CNN хабарида қайд этилишича, мақолани тайёрлаш чоғида журналистлар Фриман билан бирга ишлаган ўнлаб кишиларга мурожаат қилган. Уларнинг баъзилари актойрнинг номақбул хатти-ҳаракатларини ҳеч қачон кузатмаганлигини айтган.
Изоҳ (0)