24 май куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида мамлакатга ташриф буюрган Amnesty International халқаро ноҳукумат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Мари Струтерс бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Amnesty International ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Мари Струтерс ва унинг ҳамроҳлари Бош прокуратура, Олий суд, қатор вазирлик ва идораларда, бир қатор нодавлат ва нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлардан олган таассуротлари тўғрисида сўзлаб берди.
ТИВдаги учрашувда Ўзбекистон томонининг Amnesty International’дан яширадиган ёки кун тартибидан олиб ташланадиган масалалари йўқлиги қайд этилди.
Мамлакат суд тизимида инсонпарварликни ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда, радикализмга қарши курашда анъанавий, аксарият ҳолларда репрессив кўриниш олган чоралардан воз кечилмоқда. Кўпроқ эътибор профилактика, иш билан таъминлаш, ижтимоий реабилитация, маърифат ва тарбияга қаратилмоқда.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон эришилган натижада тўхтаб қолмаслик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида аниқ саъй-ҳаракатларини давом эттиришни қатъиян мақсад қилган.
Изоҳ (0)