Бугун, 22 май куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар беради қўмита ахборот хизмати.
Конференциянинг асосий масаласи Ўзбекистон енгил атлетика федерациясига янги президент ва бош котибни сайлаб олиш бўлди.
Ўзбекистонда енгил атлетика соҳасидаги тажрибаси ва кўп йиллик меҳнати инобатга олиниб, Андрей Абдувалиев номзоди федерация президентилига илгари сурилди. Делегатлар бир овоздан Абдувалиев номзодини қўллаб-қувватлаган. Шу тариқа Андрей Абдувалиев Енгил атлетика федерациясининг янги раҳбари этиб сайланди.
Маълумот учун Андрей Абдувалиев 1966 йилда туғилган. МДҲ бирлашган терма жамоаси сафида 1992 йилги Олимпия ўйинларида чемпионликни қўлга киритган. 2000-2012 йиллар давомида Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг бош котиби лавозимида фаолият олиб борган.
Мамлакат енгил атлетика федерацияси бош котиби сифатида фаолият юритиб келган Камолиддин Нурмуҳаммедов эса лавозимига қайта сайланди. Янги раҳбарият олдига спортнинг ушбу турини ривожлантириш, олдинда турган нуфузли мусобқаларда муваффақиятли натижалар қайд этиш вазифаси қўйилди, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)