Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 августдаги баённомасига асосан Наманган тумани аҳолисининг табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича мавжуд муаммо ва камчиликларини бартараф этиш юзасидан манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Мазкур режанинг 3-бандида тумандаги Навбаҳор (собиқ Ғалча) қишлоғи туман марказидан узоқда жойлашганлиги учун ушбу ҳудудга суюлтирилган газ етказиб беришда муаммолар вужудга келаётганлиги сабабли қишлоқнинг «Саховат» маҳалласида аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш «Сервис маркази» қурилиши белгиланган.
Шунга асосан туман ҳокимининг 2017 йил 11 августда «Сервис маркази» қурилиши учун ер ажратиб бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. 2017 йилда ушбу объектда «Ўзтрансгаз» АЖ буюртмасига асосан пудратчи «Янтар қурилиш монтаж» МЧЖ томонидан қурилиш ишлари якунланди.
«Саховат» МФЙда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар «Сервис маркази»ни тезроқ ишга тушириш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Иброҳим Ҳожиевга мурожаат қилди. Узоқ тортишув ва баҳслардан сўнг вилоят газ таъминоти бошқармаси томонидан «Сервис маркази»га янги штат бирликлари ажратилди.
Ушбу «Сервис маркази» фойдаланишга топширилиши натижасида «Қўшчинор», «Намуна», «Саховат», «Наврўз», «Қўқонқишлоқ», «Равнақ», «Эшобод», «Қурама», «Ғайрат» ва «Қумқўрғон» маҳаллаларида яшовчи 2568 хонадоннинг суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларига барҳам берилди.
Изоҳ (0)