Фарғонада Вазирлар Маҳкамасининг сохта ҳужжатларини кўрсатиб, фуқароларнинг 50 минг доллар маблағини ўзлаштирган жиноий гуруҳ аъзоларига суд ҳукми ўқилди, деб хабар беради «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов.
Жиноят ишлари бўйича Учкўприк тумани судидан олинган маълумотга кўра, Учкўприк тумани, Қурбонқашқар қишлоғида яшовчи, 1960 йилда туғилган, муқаддам беш марта судланган хавфли рецидевист Юсуб Қурбонов Қўқон шаҳри, Бағдод, Бешариқ, Данғара туманларида яшайдиган беш нафар ҳамтовоғи билан жиноий тил бириктириб, фуқароларни алдаб келган.
Юсуб Қурбонов жиноий шериклари ёрдамида Қўқон давлат педагогика институтига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қалбаки ҳужжатларини кўрсатиб, ўндан ортиқ фуқародан 50 минг доллар пул олган. Пулларни шериклари билан ўзаро бўлишиб, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Шунингдек, Юсуб Қурбонов фермер хўжалиги тасарруфидаги экин ерининг 15 сотихини қалбаки ҳужжатлар асосида фуқаро А.А.га 11 минг доллар эвазига «расмийлаштириб» берган.
Бундан ташқари, Юсуб Қурбонов фуқаро Г.Н.дан бир ҳафтада қайтаришга ваъда бериб, 50 миллион сўм қарз олган. Олинган қарзнинг 10 миллион сўмини бериб, қолган пулларни қайтаришни пайсалга солиб, бу фуқарони ҳам алдаб келган.
ИИБ ходимлари томонидан Юсуб Қурбонов ҳамда шерикларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди. Уларга нисбатан суд ҳукми билан қонуний жазо тайинланди.
Изоҳ (0)