Буюк Британияда мактаб ўқувчиларига имтиҳонлар вақтида қўл соат тақиш тақиқланди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг ёзидан бошлаб аудиторияларда қўл соатни ечиш ва столда қолдириш керак бўлади. Шу тариқа кўчирмачиликнинг олдини олиш мўлжалланмоқда.
Айни пайтда мамлакатда имтиҳонлар вақтида «ақлли соатлар»дан фойдаланиш тақиқланган. Негаки бундай соатлар ёрдамида интернетдан маълумот қидириш мумкин. Шунингдек, аудиторияларда мобил телефонлардан фойдаланишга рухсат берилмайди.
Янги тақиқ «ақлли соатлар»нинг ташқи кўринишидан оддий қўл соатларга ўхшаб кетадиган моделларига қарши курашишга қаратилган. Шу билан бирга, ўқувчилар қўл соатларининг тагида шпаргалка беркитиб аудиторияга олиб кириши ҳам янги тақиқнинг жорий қилинишига сабаб бўлган.
Имтиҳонлар вақтида назоратчилар аудиториядаги ўқувчиларнинг қўл соатини ечганини текширишлари керак.
Аввалроқ, май ойида Ҳиндистоннинг Бихар штати мактабларида узун енгли кўйлак кийган қизлар имтиҳонга киритилмагани маълум қилинган эди. Кўйлакларнинг енглари қирқилиб, бу ҳолат кўчирмачиликнинг олдини олиш деб изоҳланган.
Изоҳ (0)