Самарқанд шаҳрида «Маъмурий суд ишларини юритиш соҳасидаги ислоҳотлар: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси» мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Олий суди ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг мамлакатдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий суд судьялари ва масъул ходимлари, Самарқанд вилояти прокуратураси, адлия, солиқ бошқармалари, адвокатлар палатаси вакиллари, маъмурий судлар раис ва судьялари, хорижий экспертлар қатнашди.
Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари М. Астанов, Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг мамлакатдаги ваколатхонаси раҳбари Н. Резяпова Ҳаракатлар стратегияси асосида суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
— Президент ташаббуси билан 2017 йил 1 июндан илк бор оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган 213 та маъмурий суд иш бошлади, — дейди М. Астанов. — Ушбу судлар томонидан ўтган йили 10 мингга яқин иш кўрилиб, 5 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқи тикланди. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 5157 иш бўйича 3,5 минг фуқаронинг иши ижобий ҳал этилди.
Тадбирда жорий йил 1 апрелидан кучга кирган Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс мазмун-моҳияти ҳамда суд иши юритуви соҳасида Ўзбекистон ва Германия тажрибаси хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Изоҳ (0)