«Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» танлови жорий йилда бир қатор ўзгаришлар билан янгича тарзда ўтказилмоқда, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.
«Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси-2018» танлови уч босқичда: туман (шаҳар), вилоят ва республика босқичида ташкил этилиб, унда умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган педагоглар иштирок этмоқда.
Танловнинг республика босқичи жорий йилнинг 13—18 май кунлари 11 та ҳудудда ўтказилиб, 13 та ўқув фанидан жами 197 нафар иштирокчи 4 та шарт бўйича ўзаро беллашади. Жумладан, дарс ишланмаси ва тақдимот, иштирокчининг охирги уч йил давомида эришган ютуқлари (ўқувчисининг республика ва халқаро танловлардаги муваффақияти), дарс машғулоти ҳамда онлайн тест-синовлари каби шартлар бўйича ўтказилади.
Мазкур танлов давомида аниқланган илғор тажриба, ўқитишнинг муқобил методлари ва технологиялари республика таълим маркази мутахассислари томонидан ўрганилади, тажриба-синовдан ўтказилиб, республика миқёсида жорий этилади.
Танлов ғолиблари «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси» кўкрак-нишони ҳамда пул мукофоти билан тақдирланади.
Изоҳ (0)