2014 йилда озодликдан маҳрум қилинган ҳуқуқ фаоли Фахриддин Тиллаев озодликка чиқди. Бу ҳақда, Ўзбекистон Олий судига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтохур туман суди томонидан 2014 йилнинг 6 мартида Фахриддин Тиллаев 10 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум қилинган. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддасида (одам савдоси) қайд этилган жиноятни содир этганликда айбланган. 2013 йил 12 декабрдаги амнистия актига асосан белгиланган жазонинг ўталмаган қисми тўртдан бир қисмига қисқартирилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляцион инстанциясининг 2014 йил 17 апрелдаги аниқлови билан жазо ўзгаришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Олий судининг жиноий ишлар бўйича Суд ҳайъатининг 2018 йил 11 майдаги аниқлови билан жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг ҳукми ва Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляцион инстанциясининг аниқлови ўзгартирилди.
Фахриддин Тиллаевга нисбатан олти йил олти ойга озодликдан маҳрум қилиш тартибида жазо тайинланган. 2013 йил 12 декабрдаги амнистия актига асосан белгиланган жазонинг ўталмаган қисми учдан бир қисмига қисқартирилган. У жазони ўтаб бўлганлиги сабабли жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган.
Изоҳ (0)