Хитойлик миллиардер Энг Лэп Сэн БМТнинг икки нафар ходимига пора бериб, ўзига оғдириб олганлиги учун АҚШда тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Reuters агентлигига таяниб, «Газета.ru» хабар берди.
Бизнесмен 2015 йилда ҳибсга олинган эди. Прокурорнинг сўзларига қараганда, у БМТнинг икки нафар амалдорига умумий миқдорда 1 миллион доллар пора берган. Бунинг эвазига эса амалдорлар унга Макаода анжуманлар марказини қуришга ёрдам бериши керак бўлган. Энг Хитойнинг махсус туманини «Осиё Женеваси»га айлантириш ниятида бўлган.
Охир-оқибат анжуманлар маркази қурилмайдиган бўлди. Прокурорлар миллиардерни 6 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган, адвокатлар эса бизнесменни ўз ватанига қайтаришни талаб қилган. Якунда Манхэттен суди Энг Лэп Сэнни тўрт йилга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқарди.
Изоҳ (0)