Родс жамғармаси Буюк Британиянинг Оксфорд университетида ўқиш учун Rhodes Global Scholarship стипендиясига аризалар қабул қилмоқда, деб ёзади Spot. Аризалар 30 июнгача қабул қилинади.
Стипендия магистратура, аспирантурада ўқишни, иккинчи олий маълумот олишни молиялаштиради. Шунингдек, жамғарма стипендиатларга яшаш учун муайян сумма ажратади. 115 йиллик тарихи давомида Родс стипендияси биринчи марта барча мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистон учун очилди.
Номзодлар 1 октябрь ҳолатига кўра 24 ёшдан ошмаган бўлиши ва бакалавр даражасига эга бўлиши керак. Стипендия мисли кўрилмаган академик қобилиятлар ва муваффақиятлар ҳамда намоён қилинган етакчилик сифатлари учун берилади.
Стипендия учун номзодлар аризаларни ўзлари юбора олмайди, уларнинг номзоди ўзлари ўқиган университет томонидан илгари сурилиши керак. Ҳар битта университет уч нафаргача номзодни тақдим эта олади.
Университетлардан номзодлар 30 июнгача, номзодлардан аризалар 31 августгача қабул қилинади. Номзодлар йил охиригача танлаб олинади. Илк стипендиатлар Оксфордга 2019 йилнинг октябрида етиб келади.
Стипендия ҳақида батафсил маълумотни жамғарманинг расмий сайтидан олиш мумкин.
Изоҳ (0)