Туркиянинг лоукостер авиакомпаниялари ҳамкорлик масаласида Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига мурожаат қилишлари мумкин. Бу ҳақда қўмита раиси ўринбосари Шоҳрух Шараҳметов 30 апрель куни Тошкентда турк журналистлари учун ўтказилган брифингда маълум қилди.
Қўмита вакилларининг сўзларига кўра, Туркиянинг туризм соҳасидаги бой тажрибаси Ўзбекистон учун фойдалидир. Ўзбекистон томони бу масалада турк ширкатлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр.«Туркия лоукостер авиакомпаниялари ҳамкорлик масаласида бизга, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига мурожаат қилишлари мумкин. Биз Ўзбекистонга миллионлаб туристлар келишини хоҳлаймиз. Шу боисдан биз ҳамкорликка, ҳамкорлик қилиш ниятидаги чет эл компанияларига ёрдам, кўмак кўрсатишга тайёрмиз», — деди қўмита раиси ўринбосари.
Айни вақтда, брифинг давомида сўнгги бир йил ичида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги авиақатновлар сони кескин ошгани ҳам қайд этиб ўтилди.
Аввалроқ Туркиянинг Pegasus лоукостер авиакомпанияси Ўзбекистонда ўз шуъбасини очиш истагини билдиргани ҳақида хабар берилган эди.
Бундан ташқари, 2018 йил охиригача Ўзбекистонда миллий лоукостер ишга туширилиши кутилмоқда. Унда, жумладан, Тошкентдан Москвага учиш нархи 100 доллар атрофида бўлиши ваъда қилинган.
Изоҳ (0)