Адлия вазирлиги тизимидаги вакант ўринлар ҳақидаги эълон берилган вақтдан бошлаб ишга қабул қилиш тўғрисида 3000 дан ортиқ ариза келиб тушди. Бу ҳақда вазирликнинг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида хабар берилди.
«Уларнинг орасида, жуда билимли ва катта мақсадларни кўзловчи ёшлар, катта ҳаётий тажриба ва билимга эга мутахассислар ва шунчаки яхши одамлар бор. Биз шунча одамларнинг ўз карьераси ва ҳаётини адлия органлари билан боғламоқчи эканлиги, бизнинг жамоамизга қўшилмоқчи эканлигидан хурсандмиз. Бу нарса адлия органларининг иш берувчи сифатидаги жозибадорлиги ва обрўси ошиб бораётганлигидан далолат беради», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, шахсий маълумотлар (таълим, иш фаолияти ва ҳ.к.) синчиклаб ўрганилгандан сўнг махсус комиссия уларнинг касбий билимларини билиш мақсадида суҳбатдан ўтказади.
Агар кимдир комиссия хулосасидан норози бўлса, адлия органларининг «Ишонч телефони» ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига мурожаат қилиши мумкин.
«Ҳурматли дўстлар, 1 майга қадар кўп вақт қолмади, ўз ҳужжатларингизни тақдим этинг, танловдан ўтинг ва 8 минг кишидан иборат Адлия вазирлиги катта жамоасининг бир қисмига айланинг», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)