16–20 апрель кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида халқаро олимпиаданинг информатика фани бўйича бўлиб ўтган баҳсларда ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультети курсантларидан иборат жамоа фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда «Дарё»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Курсантлар 21 апрель куни Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда тантанали равишда кутиб олинди. Маросимда курсантларнинг устозлари, курсдошлари ва ота-оналар иштирок этди.
Биринчи ўрин Россия вакилларига насиб этган бўлса, иккинчи ўринни Беларусь ҳарбийлари эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар кубок, медаллар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Курсантлар ўртасидаги халқаро олимпиаданинг навбатдаги баҳслари (ҳарбий тарих бўйича) 23–27 апрель кунлари Беларусь ҳарбий академиясида бўлиб ўтади. Унда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Изоҳ (0)