Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган «Рекрутинг фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Президентнинг «Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан халқаро стандартлар, рекрутинг фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг чет эл тажрибасини инобатга олган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларни мамлакат корхоналари ҳамда чет элда иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш, давлат хизмати ва хусусий сектор томонидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш механизмларини тартибга солиш, ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилаётган хизматлар тартиби ва шартларини, рекрутинг агентликлари, корхона ва иш қидираётган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаш имконини беради ва норасмий меҳнат миграциясининг олдини олишга хизмат қилади.
Ҳозир қуйи палатанинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишга киритиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)