Ўзбекистонда ўтказилаётган «Ёш ватандошлар» фестивали иштирокчиларининг Самарқандга ташрифи таассуротларга бой бўлди: улар ҳаво шарида Регистон майдонини «қуш парвози» баландлигидан томоша қилди, деб ёзади «Xabar.uz».
Ўзбекистон аэронавтика федерацияси мутахассислари Тошкентдан олиб келган чиройли ҳаво шарида дастлабки тўрт иштирокчи парвоз қилди. Уларнинг соғ-саломат Регистон майдонига қўнганини кўрган ёшлар орасида чексиз завқ берадиган бу парвознинг ишқибозлари кўпайиб кетди.
«Россияда ишлаб чиқарилган бу ҳаво шари тўрт кишининг учишига мўлжалланган. Биз эса Германиядаги мутахассисларга саккиз кишилик ҳаво шарига буюртма бердик. Ҳадемай шаримиз етиб келади, унгача Москвага ўқишга юборилган йигитлар ҳам керакли сертификатларни олиб, мутахассис бўлиб келади. Май ойидан Самарқанднинг ўз ҳаво шарлари осмонга кўтарилишни бошлайди», — дейди шу ишни Самарқандда йўлга қўйиш тараддудида юрган тадбиркор Хайрулла Мамасолиев.
Айни дамларда Регистон майдонида Самарқанд аҳли ва меҳмонлар учун 3D мэппинг шоуси намойиш этилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Сайёҳларни жалб қилиш мақсадида бу томошалар ҳам энди ҳар оқшом намойиш этилиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)