Фарғоналик фуқаро Нодир Эргашев (исм-шарифлар ўзгартирилган) 24 январь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган Минор жомеъ масжидига ўғрилик қилиш мақсадида борганди. У ҳақда ЎзА ҳикоя қилди.
Таҳоратхонага бош суққан бу киши пешин намозига келган фуқароларнинг шу ерда илиб қўйилган кийим-кечаклари томон юрди. Ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, кийимларнинг чўнтакларини ковлаб кўрди. Битта куртканинг чўнтагидан чиққан 400 минг сўм пулни олиб, воқеа жойидан яширинди.
Нодир асли аввал ҳам бундай қилмишлари учун бир неча бор судланган.
Бундан ташқари, 15 февраль куни у худди шу масжид таҳоратхонасига кириб, фуқаро М. Равшановга тегишли куртка чўнтагидан 650 минг сўм пулни олиб, воқеа жойидан яширинган.
Ҳар икки жабрланувчи ҳам масжид ходимларига мурожаат қилган ва ходимлар кузатув камераси тасвирларини синчиклаб кўрган. Уларда Н. Эргашевнинг пулни олгани муҳрланиб қолган эди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Бектемир тумани судида мазкур жиноятларга оид иш кўриб чиқилди. Жиноятга баҳо беришда судланувчининг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон экани, оилавий шароити оғирлигига эътибор қаратилди. Бироқ у бир неча бор судланган, аввал енгилроқ жазо тайинланган бўлса-да, бундан тегишли хулоса чиқармаган. Ана шулар ҳисобга олиниб, Н. Эргашевга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан узил-кесил саккиз йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар тегишли тартибда қоплаб берилиши белгиланди.
Изоҳ (0)