Ўзбекистонда божхона ходимларининг хизмат давомида зиммасига юкланган вазифаларни қай даражада адо этаётганлиги, ҳушёрлиги ва огоҳлигини синовдан ўтказиш мақсадида 16 маротаба хуфёна текширувлар ўтказилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.
Қўмита томонидан пора бериш ва пора олишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида кўргазмали қуроллар, плакатлар ва стол устига қўйишга мўлжалланган буклетлар ишлаб чиқилган бўлиб, барча божхона бошқармалари, комплекслари ва постларига тарқатилган. Профилактик маърузалар, учрашувлар, индивидуал тартибда профилактик тарбиявий ишлар ва суҳбатлар ўтказилган. Уларда божхоначиларнинг оила аъзолари иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Шу каби маълумотлар яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармасида Давлат божхона қўмитаси ҳамда «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси билан ҳамкорликда шахсий таркиб ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари иштирокида «Коррупция — маънавият ва тараққиёт душмани» мавзусида ташкил этилган навбатдаги давра суҳбатида алоҳида таъкидланди.
Мулоқот Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда ташкил этилди.Тадбирда мавзуга доир маърузалар тингланди ҳамда божхона органларида коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Изоҳ (0)