«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан дори-дармон воситаларининг мамлакатга ноқонуний олиб кирилишига қарши чора-тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда, деб хабар беради божхона комплекси ахборот хизмати.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида чегара-божхона пости ходимлари Деҳлидан учиб келган фуқаро Ж.Содиқов томонидан қиймати 24,4 миллион сўмлик 1022 дона дори воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйди.
Шунингдек, мазкур постда 2018 йилнинг 22 март куни Истанбул ва Деҳлидан учиб келган 5 нафар йўловчи томонидан дори-дармон воситаларининг яширинча олиб кирилишига доир қоидабузарликлар фош қилинди.
Фуқаролар Х.Шарипова, Д.Мажидова, М.Нўъмонова, Г.Аъзамова, С.Далимова ва Б.Толиповлар рухсат этилган меъёрлардан ортиқча бўлган 25 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги 1324 дона фармацевтика маҳсулотларини олиб ўтмоқчи бўлган. Ушбу қоидабузарларнинг аксарияти божхонада яшил йўлак орқали ўтаётганда тўхтатиб қолинган.
«Улар орасидаги шахслардан бири Б.Толиповнинг қилғиликлари ҳаммасидан ўтиб тушди. Мазкур ҳодисадан икки кун ўтар-ўтмас, яна Деҳлига йўл олган ушбу шахс навбатдаги божхона қоидабузарлигини содир этди», — дейилади хабарда.
Яъни, яшил йўлак орқали божхонадан ўтар экан, унинг бўйнига ва қўлига тақилган занжирлар божхоначиларнинг диққатини тортди. Сиртдан қаралганда, кумушга ўхшайдиган ушбу тақинчоқлар аслида тилладан ишланган бўлиб, божхоначиларни чалғитиш мақсадида оқ рангга бўялган экан. Бундан ташқари, у қўлбола усулда тайёрланган ва тегишли пробаси бўлмаган 1 дона қуйма узукни ҳам олиб чиқмоқчи бўлган.
Натижада, қоидабузардан қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра тахминан 26,5 миллион сўмни ташкил қилувчи 171 грамм оғирликдаги тилла буюмлар олиб қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)