Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига Хитой Аэрокоинот фанлари ва саноати корпорацияси (CASIC) бош директори Ли Юе бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси учун зарур аппарат ва дастурий таъминот яратиш доирасида лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Меҳмонлар мазкур хавфсизлик тизимини яратиш борасида Хитойда тадбиқ қилинган шахсий тажрибалари хусусида сўзлаб берди.
CASIC Хитойдаги бош миллий илмий-техник саноат вакили бўлиб, миллий хавфсизликни таъминлаш бўйича мақсадли дастурларни илгари суради. Икки юздан ошиқ йўналишда фаолият олиб борадиган бу тузилма тизимидаги 600 дан ортиқ ташкилот ва корхонада 150 мингдан ошиқ ходим хизмат қилади. Уларнинг 70 фоизи техника ва технология соҳасидаги мутахассислар.
CASIC раҳбари корпорация Ўзбекистондаги «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасида иштирок этишга қизиқиш билдиргани ва ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда мазкур лойиҳани амалга ошириш учун хорижлик ҳамкорларни аниқлаш юзасидан халқаро компаниялар иштирокида тендер савдолари давом этмоқда.
Изоҳ (0)