Наманганда ҳожатхонага тушиб кетган телефонни олишга ҳаракат қилган икки киши ҳалок бўлди, яна бири заҳарланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, Поп туманида 25 март куни Ойбек маҳалласида яшаган, 1986 йилда туғилган Б. Раҳматов уйи ҳовлисида жойлашган ҳожатхонасига тушиб кетган iPhone’ни олиш мақсадида қўшниси, 1985 йилда туғилган Э. Ниязовни ёрдамга чақирган.
Б. Раҳматов арқон ёрдамида ҳожатхона ичига тушган ва ҳушини йўқотган. Э. Ниязов унинг ортидан тушиб, у ҳам ҳушини йўқотган.
Шундан сўнг Б. Раҳматовнинг бирга яшовчи отаси, 1956 йилда туғилган Ҳ. Раҳматов уларни қутқариш мақсадида ҳожатхонага тушган вақтида у ҳам ис газидан заҳарланган.
Жабрланувчилар ФВВ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан чуқурдан олиб чиқилганларида Э. Ниязов ва Б. Раҳматовлар заҳарланиб, воқеа жойида ҳалок бўлгани аниқланди. Ҳ. Раҳматов эса касалхонага ётқизилди.
Суриштирув ишлари олиб бормоқда.
Изоҳ (0)