Афғонистон Ўзбекистон ташқи савдосида муҳим рол ўйнайди ва бутун дунёдаги савдо ҳамкорлари ўртасида бешинчи ўринни эгалллайди. Бу ҳақда ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси матбуот маркази сессиясида маълум қилди, деб хабар беради UzReport.
Вазир 2017 йилда икки давлат ўртасида товар айланмаси 607 миллион доллардан ошганини билдирди. Бу эса Афғонистон ушбу кўрсаткич бўйича қўшни давлатлар орасида иккинчи ўринни эгаллашини англатади.
«2018 йилда ўз олдимизга қатор вазифа ва мақсадларни қўйганмиз. Афғонистон президенти жаноб Ашраф Ғанининг ўтган йил декабридаги ташрифи давомида 500 миллион долларлик келишувлар имзоланди. Ҳозирда ўзаро савдо асосан электр энергияси ва металлургияни қамраб олган бўлса, келгуси йилларда ушбу тизимни тўлиқ диверсификация қилишни режалаштирганмиз. Афғонистон 36 миллиондан ортиқ киши истиқомат қиладиган давлат, биз учун катта бозор», — деди Жамшид Хўжаев.
Изоҳ (0)