Наврўз байрами муносабати билан Жиззах вилоят ИИБ томонидан қатор хайрия тадбирлари уюштирилди, дея хабар бермоқда бошқарма матбуот хизмати. Жумладан, вилоят ички ишлар бошқармаси секторидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ва уйида ёлғизларнинг ҳолидан хабар олинган.
Пахтакор тумани «Самарқанд» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Наталя Ким кўп йиллардан буён ёлғиз яшайди. Нотўғри операция сабаб 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолган. Байрам арафасида вилоят ички ишлар ходимлари унинг ҳолидан хабар олиб, ижтимоий ёрдам кўрсатди.
Ходимлар Қурбоной Зокированинг ҳам хонадонида бўлиб, уни ва оила аъзоларини Наврўз билан табриклади. Оила аъзоси Дилфуза Бакированинг фуқаролик ҳужжатини расмийлаштиришдаги муаммо шу ернинг ўзида назоратга олиниб, унга тегишли тартибда ёрдам кўрсатилди.
Инсультни бошдан кечирган Турон Шомаматов кўп йиллардан буён юришда қийналиб келган. «Шу боис унга ногиронлик аравачаси топширилди», — дейилади расмий ахборотида.
Вилоят ИИБ матбуот хизматидан маълум қилишларча, бундай хайрия тадбирлари келгусида ҳам давом эттирилади.
Изоҳ (0)