Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги дипломатик миссия (БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхона ва шаҳардаги бош консулхона) вакиллари АҚШда яшайдиган ватандошлар билан учрашди. Бу ҳақда «Жаҳон» хабар бермоқда.
Учрашувда тадбиркорлар, бизнес тизими ва фан-таълим доиралари вакиллари, Америкадаги етакчи университетларнинг талабалари иштирок этди.
Мулоқот давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 сентябрда АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашуви давомида билдирилган фикрларни амалга ошириш юзасидан мулоҳазалар тингланди. Жумладан, Қўшма Штатлардаги нуфузли олий ўқув юртлари ва илмий марказларни республикага жалб этиш орқали Ўзбекистоннинг академик ва илмий салоҳиятини ошириш таклиф этилди.
Бир гуруҳ ҳамюртлар Ўзбекистон олий ўқув юртларининг Колумбия ва Дьюк университетлари билан алоқаларини йўлга қўйишга кўмаклашиш, талабаларга чет тилини ўқитиш учун АҚШдаги ватандошларни Ўзбекистонга жалб этиш тизимини яратишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, учрашувда хориждаги ўзбекистонликларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Изоҳ (0)