Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тўйларни ихчамлаштириш зарурлиги ҳақида бир неча бор, ўрни келганда жуда кескин фикрлар билдирди. Президентнинг тўйлар ҳақидаги баъзи баёнотлари телевидение орқали кўрсатилди, баъзилари эса Давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишлардан сўнг интернетга сиздирилди. Президентнинг кескин танқидлари ва таклифлари самараси ўлароқ, март ойининг қоқ ўртасида тўй ва маъракаларни тартибга солиш бўйича Сенат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Дарё» Шавкат Мирзиёевнинг тўйлар ҳақида билдирган ва очиқ манбаларда мавжуд тўрт асосий баёнотини бир саҳифага жамлади, шунингдек, Сенат қароридаги баъзи жиҳатларга эътибор қаратди.

2017 йил, 3 август. «‘Келин-навкар’ деган бало чиқибди!»

Ижодкор зиёлилар мулоқот Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги энг катта, энг ёдда қоларли ҳам жуда самимий учрашувларидан бири бўлганди. Унда Давлат раҳбари томонидан жуда кўплаб таклифлар илгари сурилди. Шулардан бири — тўйларни тартибга солиш эди. Президент шу кунларда ўтказилаётган дабдабали тўйларни «дард» деб атаган эди.

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, яна бир муҳим, таъбир жоиз бўлса, нозик бир масала хусусида сизлар билан маслаҳатлашиб олишни зарур деб биламан. Нега десангиз, бу масала бўйича фақат сизлар менга ёрдам беришингиз мумкин, агар қўллаб-қувватласаларинг.

Жойларда бўлаётган учрашув ва мулоқотларда кўп-кўп одамлар мендан бир нарсани илтимос қиляпти, Виртуал қабулхонага ёзяпти: «Тўй-маъракаларимизни бир тартибга солиб беринглар», деб мурожаат қиляпти. Жуда кўп!

Ҳақиқатан ҳам, айни шу масала неча йиллар, ҳатто асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келади. Жадид боболаримиз ҳам тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, мақтанчоқлик миллатимизни маънавий таназзулга етаклайдиган иллат экани ҳақида қандай куюниб ўтганларини яхши биламиз.

Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак.

Охирги олти ойда бир қишлоқ тумани, бир шаҳар туманини олиб, таҳлил қилдик. Жуда кўпчилик одамлар мана шу нарсадан норози. Қарз олганлар жуда кўп. Шунинг учун, бугун биз кўз юмиб ўтираверсак, эртага одамлар нима дейди? Тўғри, пул топиб ақл топмаганлар 10 фоиз, лекин 90 фоиз халқимиз оддий яшайди-ку. Биз ҳаётимиз, режамизни уларга қараб тўғрилашимиз керак.

Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади.

Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади. Мана, Тошкентдаги тўйларда «келин-навкар» деган яна бир бало чиқибди. Ўзи «куёв-навкар» бўларди, энди «келин-навкар» чиқибди. Нима эмиш, энди келиннинг ота-онаси қизига қўшиб унинг ўнлаб дугоналарини ҳам бир хил кийинтириши, ясантириши керак экан. Бундай бемаза қилиқлар қаердан чиқяпти? Ёшларимиз кимдан ўрганяпти буни?

Бу азобни, бу иллатни йўқ қиладиган вақти-соати келди. Мана, ёзувчиларга топшириқ, мана шу нарсаларни ёзиш керак. Қалам қачон халқпарвар бўлади? Қалам элнинг дарди билан чиқса халқпарвар бўлади. Бу — дард!

Яқинда ўтган «Камолот» қурултойида мен ёшларнинг оғзини пойладим. Бирорта йигит ёки қиз чиқиб, «Эй, дўстлар, тенгдошлар, биз уйланамиз, турмушга чиқамиз деб ота-оналаримизни ниҳоятда қийнаб қўйдик. Келинглар энди, уларни бундай оғир ташвишга қўймайлик, келажагимизни, миллатимизнинг шаънини ўйлаб, тўйларимизни камтарона, ихчам қилиб ўтказайлик», деган гапларни айтармикан, деб кутдим. Афсуски, бирорта одам ғинг демади.

Ёшларнинг каттаси бу ерда ўтирибди, бирорта қарор қилиб, ёшларнинг ўзи: «Ликиллаб кўчада юришларни бўлди қилайлик, у пулга уй олайлик, китоб олайлик», деб чиқсин. Келажагимизга керак бўлади у пуллар. Ҳозирги ҳолатни тўқликка шўхлик, дейди. Сиз янги раҳбар сифатида ёшларнинг ичида бир қарор қилсангиз, бу масалада ёшларнинг ўзи ташаббус кўрсатмаса бўлмайди. Тўйларни ёшларнинг ўзи қўлга олиши керак.

Тўй-маърака – бу фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала эканини инобатга олган ҳолда, бош вазир А.Арипов, бош вазир ўринбосари Т.Норбоевага тегишли ташкилотлар билан биргаликда оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўймасдан ўтказиш бўйича бир ой муддатда Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифаси топширилсин.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Қайд этиш жоиз, учрашув давомида Тошкент шаҳар расмийлари тўйлар масаласида Президент томонидан қаттиқ танқид қилинган эди. Шу боис, учрашувдан сўнг кўп ўтмай, шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов тўйларни тартибга солиш тўғрисида ҳужжат имзолагани, унда тўйдаги меҳмонлар сони 300 кишидан ошмаслиги, келинсаломни тўйхонада ўтказиш ва унда турли совғалар беришни тўхтатиш, келинларнинг сепига куёвнинг оиладаги ўрни ҳақидаги адабиётларни қўшиш каби тавсиялар илгари сурилгани хабар қилинган эди. ОАВ хабарларига кўра, бу талаб-тавсиялари учун шаҳар ҳокими кейинроқ яна Президентнинг танқидига учраган.

2017 йил, 11 август. «ЗАГС биносининг ичида тўй қиладиган жойи ҳам бўлади»

Ижодкор зиёлилар билан учрашувдан кўп ўтмай, Олмалиқ шаҳрига ташрифи вақтида Шавкат Мирзиёев яна тўйлар масаласига тўхталди. Тўйларни қонуний йўл билан тартибга солиш, тартибни бузганларни эса жавобгарликка тортиш фикрлари айнан шу ерда янгради. Шавкат Мирзиёев ФҲДЁ бўлимлари биносида 150—200 кишилик тўй ўтказиш жойларини қуриш ва буни Олмалиқ шаҳар тажрибаси сифатида бутун мамлакатда татбиқ этишни таклиф этган эди.

Олмалиқ шаҳар тажрибаси қиламиз — ЗАГС (ФҲДЁ) билан бирга нима керак бўлса, бир бинода бўлади. Мана, биз тўйлар тўғрисида гапиряпмиз. Энди ЗАГСнинг мудираси фақат никоҳни рўйхатга олиш билан чекланиб қолмайди. ЗАГС биносининг ичида 200 кишилик тўй қиладиган жойи ҳам бўлади. Тўйда қанча артист бўлади, қанча ичимлик бўлади, гўшти қанча, пули қанча, ва ҳоказо — ҳаммаси белгилаб қўйилади.

Иккинчидан, тўй маросимидан аввал сўрайди — қаерда тўй қиласиз? «Мана шундай тўй қилсангиз, биз сизга рухсат берамиз. Бўлмаса, боринг Тошкентда тўйингизни қилиб келинг», дейди. Қайси ЗАГС, қайси ёшлар ёки қайси туман ҳокими биз қабул қилган қарор бўйича тўй қилмаса, жавобгарликка тортамиз. Шу иш тўғри бўлади, ноинсофчиликни Худо таоло ҳам кечирмайди.

Ўша ЗАГСда тўйни чиройли қилиб, хавфсизлигини ҳам таъминлаб, сўнг уйига олиб бориб берамиз. Унда икки китоб, тўрт шеър ўқилади. Ҳалиги ликиллаган артистларнинг европача товуши, дискотекаси бўлмайди. Ашула айтади, унинг ашуласини тушуниш керак. Рақс тушади — «Муножот»га ўйнасин, керак бўлса. «Муножот»ни кесатиб айтяпман — салгина бизнинг урф-одатларимизга мос ўйинга ўйнасин-да. Ечинмасдан, кийиниб, урф-одатимиз билан. ЗАГСнинг мудираси қўл қўйдими, боши билан жавоб беради. Бир ерда нотўғри тўй бўлдими, ишдан кетади. Тамом.

Порасини олиб, никоҳни рўйхатдан ўтказадиган замон тугади. Агар шундай қилмасак, бу иллат бизга яхшилик келтирмайди. Бу иллат — хиёнат. Эртанги сиёсатимизга ҳам, ҳамма нарсамизга. Шундан сўнг ёшлар ҳам, ота-оналар ҳам, бошқалар ҳам салгина бўлса-да қадрига етади. Минг бойвочча бўлган киши ҳам «Худога шукр!» дейди. Янги қилиқлар, «келин-навкарлар» энди бўлмайди.

Мана, маҳалланинг диний масалалар бўйича бўйича маслаҳатчиси — давлат вакили. Хўш, сен давлат вакили бўлсанг, бориб шу тўйни бузгин. Йўқ, биринчи бўлиб, тугунчасини олиб кетади. «Бахтли бўлсин», дейди. Қаерга қараяпмиз? Кимга қараяпмиз?

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

2018 йил, 2 март. «Тошкентда тўрт қизи бор одам уларни эрга бериш учун ўзини осиши керак!»

Президентнинг Сурхондарё ва Бухоро вилоятларига ташрифидан сўнг Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) атрофидаги муҳокамалар қизиган эди. Навоийга сафар эса, жумладан, тўйлар мавзусинининг яна кун тартибига қайтиши билан ёдда қоладиган бўлди. Айнан Хатирчи туманида ўтган фаоллар йиғилишида Шавкат Мирзиёев дабдабали тўйлар ва уларга амалдорларнинг боришини танқид қилди. Шунингдек, айнан шу йиғилишда тўйларни тартибга солиш бўйича Сенат қарори чиқиши эълон қилинди.

Бош вазирдан бошлаб ҳокимгача барча ижро органлари раҳбарларининг тўй-маросимларга бориши маън этилади. Чойхоналарнинг олдида давлат машинаси турганини кўрган куним ўшани ишдан олиб ташлайман, жавобгарликка тортаман.

Тўй энг кўпи 150 кишига бўлади, ош 200 кишига бўлади. Бирорта раҳбар уйида туғилган кунини ҳам, тўйини ҳам ўтказмайди. Бўлди, у замонлар тугади. Одамларнинг ғашини келтиряпти. Маросимлар ҳам, тўйлар ҳам раҳбарларсиз бўлади. Бош вазир боради ғўддайиб ҳамма муовинлари билан, ҳамма туради. Ўша 20 килограмм гўштингни пулига бирор камбағалнинг уйини таъмирлаб бер, телевизор олиб бер!

Қарор чиқади! Қарор! Президент қарори эмас, Сенат қарори чиқади! Тўй қилишнинг ҳам меъёрини ёзиб берамиз. Тошкентда тўртта қизи бор одам тўй қилиши учун ўзини осиши керак. Оддий, бюджетдан маош олиб яшайдиган одам тўрт қизини эрга бериши учун ўзини осса ҳам бўлаверади. Ҳеч қандай имконият йўқ. Бировдан қолмай деб, қарз олади, ўзига қарамайди, дўхтирга бормай, фақат шу тўйга йиғади. Кимга керак бу тўй?

Аввалига биз ташвиқот қилиб кўрдик, фойда бўлмади. Хиёнат қиляпмиз халқимизга! Тўйларни жой-жойига қўйсак, коррупция бўлмайди. Адолат ўрнатилади. Ҳамма бир хил тўй қилади. Агар бирорта раҳбар — прокурорми, солиқчими, ҳокимми, чегарачими — меъёрдан чиқса, ўша куниёқ қамайман.

Қайси вазир ё бош вазир ўринбосари 500 кишига тўй қилишга етадиган маошни қаердан олади? Ҳаммаси ўғрилик бу, агар бунинг тагини суриштирсак. Ўғрилик! Бу ҳам адолатсизликнинг бир оқибати. 110 киши, 120 киши. Тамом! Жуда бўлмаса, махсус комиссиядан рухсат олиб, 150 кишилик тўй қилади. Бундан ортиғи ҳеч қаердан бўлмайди. Жуда яхши бўлади, фақат ёшлар бўлади. Қариялар нон синдиришга, тўйга ёшлар боради.

Мен шуни ҳаммасини ёзиб, қарор чиқаришга мажбурман. У замон ўтиб бўлди энди. Нима учун буни айтяпман? Чунки Андижонда ҳам бу жуда кучайиб кетган. Авваламбор эрталабки тўйлар йўқ бўлади. Бўлди энди. Маросим тушлик вақти, 13:00 дан 14:00 гача бўлади. Қайси ресторан кечқурун ўшани қилса, ўша ресторанни ўша куниёқ ёпамиз. Адолатсизликни ўзимиз бошлаб беряпмиз.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

2018 йил, 7 март. «Ҳамма тенг тўй қилса, жамиятда вазият ўзгаради»

Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Тошкентдаги «Ўзекспомарказ»да уюштирилган тантанали маросим давомида маъруза қиларкан, Шавкат Мирзиёев яна бир бор тўйлар масаласига тўхталиб ўтди. Президент жамоатчиликни тўйларни тартибга солиш, уларни ихчамлаштириш бўйича таклифлар билдиришга чақирди.

Фурсатдан фойдаланиб, сиз муҳтарама опа-сингилларимиздан тўй ва маъракаларимизни ихчам ва мазмунли ўтказиш бўйича ўз фикрларингизни билдириб, уни ҳал қилиб беришларингизни илтимос қилмоқчиман. Нима учун «илтимос» деб гапиряпман? Худога минг қатла шукр, тўйлар албатта бўлиши керак. Ҳеч ким «Тўй қилманглар, тўй қилиш мумкин эмас!», деб айтаётгани йўқ, лекин ҳар хил гап-сўзлар чиқиб кетяпти. Тўй маъноли, мазмунли, ҳисоб-китобли бўлсин деб айтяпмиз.

Шуларни инобатга олиб, қарорни тайёрлаяпмиз. Агар катталардан бошлаб ҳамма тенг тўй қилса, шунда жамиятдаги вазият ўзгаради. Ўзгаради, шуни билинглар! Қанчалик оғир бўлмасин, биз, айниқса, кам таъминланган, бироз муҳтож оилаларга ўзимиз тўй қилиб беришни ҳам ўйлаб кўряпмиз, бу борада жуда катта таклифлар тушяпти. Хотин-қизлар қўмитаси, зиёлиларимиз, мана бу ерда онахонларимиз ўтирибди — шу масала ўз фикрларингизни билдирсангиз мақсадга мувофиқ бўларди.

Бизга бу масалани ташқаридан келиб, биров ўргатиши керак эмас. Бу масалани ўзимиз тўғрилаб олсак, ўзимизга муносиб тўйларни қилсак, ўйлайманки, жамиятимизда адолат ўрнатиш нуқтаи назаридан ҳам тўғри бўлади.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Сенат қарори лойиҳаси тайёр!

Ўзбекистон Normaтив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида 15 март куни Олий Мажлис Сенатининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналари, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш» тўғрисидаги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Эътиборли томони, Президент томонидан йиғилиш ва учрашувларда ўртага ташланган бир қатор таклиф ва ғояларнинг у ёки бу кўринишда қарор лойиҳасида акс этганини кўриш мумкин.

Масалан, ФҲДЁ органлари қошида аҳолига, биринчи навбатда унинг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига арзонлаштирилган хизмат кўрсатадиган 150 тагача ўринли тўйхоналар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланмоқда, «келиннавкар» каби одатлар тақиқланмоқда, барча даражадаги давлат органлари раҳбарлари ва мансабдор шахслари ўз оилавий тадбирларини ўтказишда аҳолига шахсий намуна бўлишлари ҳамда ўрнак кўрсатишлари тавсия этилмоқда, шунингдек, маросимларни ўтказиш мумкин бўлган вақт оралиқлари кўрсатилмоқда.

Қарор лойиҳасида нафақат маросимлар, балки уларни ўтказувчи муассасалар (тўйхоналар, кафе ва ресторанлар), хизмат кўрсатувчи шахслар (масалан, хонанда, бошловчи, фотограф, ҳашаматли машиналарнинг ҳайдовчилари ва бошқалар)га нисбатан ҳам тегишли талаблар, маълум бир чекловлар ўрнатилаётганини кўриш мумкин (масалан, хонандалар сони биттадан, тўй кортежидаги автомобиллар сони эса иккитадан ошмаслиги керак).

Расм: «Дарё»

Сенат қарори лойиҳаси бўйича муҳокама 30 мартгача давом этиши, ҳужжат шундан сўнг қабул қилиниши кутилмоқда — якуний ҳужжат порталда кўрсатилганидан фарқли бўлиши, баъзи бандлар тушиб қолиши, бошқалари қўшилиши мумкин.

Муаллиф:Муҳрим Аъзамхўжаев