Жорий йилнинг 14 март куни соат 8:47 да Тошкент шаҳри Сергели тумани «Спутник-16» мавзесида истиқомат қилувчи фуқаро Н.Тохирова икки нафар фарзанди хонадон ичкарисида қулфланиб қолганлиги тўғрисида ёрдам сўраб мурожаат қилган, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
Мазкур ҳолат юзасидан Тез ҳаракат қилиш республика кўп тармоқли маркази навбатчи қутқарувчилари воқеа жойига зудлик билан етиб борган. Шундан сўнг улар махсус асбоб-анжомлар ёрдамида эшикни очиб ичкарига киришган ва гўдакларни уйдан олиб чиқиб, онасининг қўлига соғ-саломат топширган.
Изоҳ (0)