2017 йилнинг 28 ноябрида 6 ёшли Мубина Тожибоева Қашқадарё вилояти Нишон тумани Пахтазор МФЙдаги дала-ҳовлида ота-онаси томонидан қаровсиз қолдириб кетилган. Бу ҳақда «Севимли ТВ»нинг «Замон» ахборот дастурида хабар қилинди, деб ёзади UZ24.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси Бобур Имoмовнинг маълум қилишича, ИИБ ходимлари томонидан қизалоқ ачинарли аҳволда — танасига турли даражадаги жароҳатлар етказилган ҳолатда топилган. Олиб борилган суд-тергов жараёнида ушбу жиноятни унинг онаси Дилафрўз Тожибоева содир этганлиги аниқланган.
Хабарда айтилишича, аёл ҳеч бир сабабсиз ўз фарзандини аёвсиз калтаклаб келган, танасини олов билан куйдириб, бу қилмишини қизининг касаллиги билан хаспўшлашга уринган.
Қизалоқнинг сўзларига кўра, онаси унинг қўлларини боғлаб, қийноққа солган, танасини ёндиргич билан ёқиб, туз сепган ва пичоқ билан кесган.
Қарши шаҳрида ўтказилган сайёр суд мажлисида фуқаро Дилафрўз Тожибоевага нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилди. Суд ҳукми билан аёл 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Мубина Тожибоева айни вақтда Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланмоқда.
Изоҳ (0)