16 март куни Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида «Давлат-хусусий шериклик: Ўзбекистонда халқаро илғор тажриба ва стандартларни илгари суриш» мавзуида халқаро семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Семинарда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, давлат ва жамият бошқарувини ислоҳ қилиш жараёнида «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини такомиллаштиришнинг аҳамияти, ривожланган демократик давлатларнинг бу борадаги тажрибасини амалиётга жорий қилиш истиқболлари хусусида сўз юритилди.
«Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган бўлиб, унда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб берилган, — дейди ЕТТБ катта ҳуқуқий маслаҳатчиси А. Зверев. — Молиялаштириш хизматларининг эҳтимолий дастури, технологиялар ва ноу-хаулар алмашувини таъминлаш шулар жумласидан. Бугунги семинар эса ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасида ЕТТБ томонидан кўрсатилаётган техник кўмак доирасида ташкил этилди».
Тадбирда давлат-хусусий шериклик тартибини жорий этишнинг ҳуқуқий-меъёрий асосларини халқаро стандартларга мослаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуман Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури, Халқаро молия корпорацияси, Швейцария элчихонаси, ЕТТБнинг мамлакатдаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда қатор вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар, халқаро молия институтлари ваколатхоналари, дипломатик корпус вакиллари, таҳлилчи ва экспертлар иштирок этди.
Изоҳ (0)