«Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» информацион дастурида мамлакат мактабларидан биридан тайёрланган репортаж эфирга узатилди. Ҳаммаси ҳар доимгидек, рисоладагидек репортаж — намунали мактаб, билимдон ўқувчилар, белгиланган вазифалар керак бўлса ортиғи билан бажарилмоқда, юрт келажаги ишончли қўлларда.
Репортаж жонли ва ишончли чиқиши учун аълочи ўқувчилардан бири интервью бераётганида фондаги синфдошлар дарс қилаётгандек кўрингани маъқул, деб ҳисоблашади. Бу сафар ҳам, афтидан, шундай бўлган. Фақат, «Дарс қилаётгандек кўрининглар» деган илтимосга лаббай деб жавоб берган ўқувчилардан бири ўзининг лаҳзалик вазифасини бажаришга керагидан ортиқ берилиб кетган.
Оқибатда у дафтар қолиб, ҳавога ёзишни бошлаган.
Лекин ҳечқиси йўқ — ҳатто Жеймс Бондда ҳам бундан баттар ҳижолатли ҳолатлар бўлган. Шунчаки, кимлардир актёрликни, аниқроғи — сохталикни эплай олмайди. Бунинг ёмон жойи йўқ, деб ўйлаймиз. Видео қаҳрамонига айланган ўқувчига эса ўқишда фақат беш баҳолар ва энг билимдонларга аталган фахрий ёрлиқларни тилаймиз!
Изоҳ (0)