«Ливерпуль» узоқ кутилган танаффусдан сўнг Чемпионлар Лигасининг чорак финалига қайтди
«Ливерпуль» Чемпионлар Лигасининг чорак финалига 9 йиллик танаффусдан кейин етиб келгани айтилганди, Мадриднинг «Реал» клуби эса кетма-кет 8-бор чорак финал чиптасини қўлга киритди. Бироқ бу рекорд эмас. Чунки «Барселона» мазкур босқичга кетма-кет 10 бор етиб келишга улгурганди.Мадриднинг «Реал» клуби такрорий ўйинда ҳам ПСЖдан устун келди ва Чемпионлар Лигасининг чорак финалига йўл олди
Дани Карвахаль
«Реал» ҳимоячиси учун Париждаги ўйиндан кейин Чемпионлар Лигасида мағлуб бўлмаслик борасида рекордчиларга етиб олди. Ахир у майдонга чиққан ўйинларда «Реал» 3 йилдан буён мағлуб бўлмайди. Сўнгги марта мадридликлар 2015 йил «Ювентус»га имкониятни бой берган бўлиб, Карвахаль ўша ўйинда иштирок этганди. Ҳимоячи шундан сўнг майдонни боши эгик ҳолда тарк этмади. Бундай натижани аввалроқ Патрис Эвра ҳамда Луиш Нани ҳам қайд этганди.«Париж эртаги» тугади
«Реал» Париждан ғалаба билан қайтиб, ПСЖ клубининг уй ўйинларида мағлуб бўлмаслик кўрсаткичига нуқта қўйди. Кетма-кет 51 та ўйиндирки парижликлар «Парк де Пренс»да мағлубият аламини тотиб кўрмаганди. Сўнгги 19 та уй учрашувининг барчасида Эмери бошчилик қилаётган клуб ғалаба қозонганди. «Реал» эса бу серияга чек қўйди.
Икер Касильяс
«Порту»да фаолиятини давом эттираётган испаниялик дарвозабон Чемпионлар Лигасидаги қуруқ ўйинлар сони бўйича рекордчига айланиб олди. «Ливерпуль»га қарши жавоб ўйинида гол ўтказмаган Икерда қуруқ ўйинлар сони 57 тага етди. Ҳали ҳеч бир дарвозабон бунга эриша олмаганди.Касильяс, шунингдек, Чемпионлар Лигасидаги ўйинлар сони бўйича ҳам рекордчидир. У мусобақада 167 та учрашув ўтказган. Шуларнинг 150 тасида «Реал» шарафини ҳимоя қилган.
Криштиану Роналду
«Реал»нинг Чемпионлар Лигасида чорак финалга қадар етиб келишида Криштиану Роналду муҳим ролни ўйнади. У Мадридда ҳам, Парижда ҳам ПСЖ дарвозасига йўл топди.Роналду мазкур мусобақада «Реал» шарафини ҳозирча 96 та ўйинда ҳимоя қилган бўлиб, 102 та гол уришга эришган.
Криштиану, шунингдек, Чемпионлар Лигасининг кетма-кет 9 та ўйинида гол уришга эришди. Шу мавсумдаги жами 8 та ўйинни у голсиз тарк этмади, қўшимчасига ўтган мавсум финалида «Ювентус» постига гол урганди. Кетма-кет 9 та Чемпионлар Лигаси ўйинида гол уриш бунгача голландиялик ҳужумчи Рууд ван Нистерлойга насиб қилганди. У 2002/03 йилги мавсумда шунга эришган.
Карим Бензема
«Реал» сафида энг кўп танқид қилинадиган футболчи Карим Бензема бўлса керак. Кеча у Чемпионлар Лигасидаги 100-учрашувида майдонга тушди. Мана шу ўйинларда у 53 та гол уришга эришган.Шу тариқа Бензема мусобақада 100 та ўйин ўтказган жаҳоннинг 34 нафар футболчисидан бирига айланди. Франциялик футболчилар орасидан бунгача фақатгина икки киши 100 тадан кўп ўйин ўтказганди: Тьери Анри (112) ҳамда Патрис Эвра (108).Серхио Рамос
Испаниялик ҳимоячи сариқ карточкалар олиш бўйича Чемпионлар Лигасининг рекордини ўрнатди. Унга қадар англиялик Пол Скоулз 36 бор реферилар томонидан огоҳлантирилганди. ПСЖ билан ўйинда эса Рамос 37-сариқ карточкани боши узра кўрди. Шулардан 33 тасида у фақат сариқ олган, қолган 4 та сариқ карточкаси эса ўша оннинг ўзидаёқ қизилга айланган.
Изоҳ (0)