Наманган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчи-диспетчерлик хизматига Наманган шаҳридаги 13-мактаб директори Н. Аҳмедова мурожаат қилиб, мактаб ҳудудига қўшни хонадоннинг девори ёрилгани ва қулиб тушиш эҳтимоли борлиги тўғрисида хабар берди. Бу ҳақда «Дарё»га ФВБ ахборот-таҳлил хизмати маълум қилди.
Бошқарма масъул навбатчиси подполковник У.Бобожонов бошчилигида 4 нафар қутқарувчи белгиланган манзилга етиб борди. Воқеа жойидаги вазият ўрганилганда, чиндан ҳам иморат девори қулаб тушиш ҳолатига келиб қолгани, мактабда таълим олаётган ўқувчилар ҳаётига хавф солиши мумкинлиги аниқланди.
Зудлик билан қарор қабул қилиниб, қулаб тушиши эҳтимоли бўлган девор қутқарувчилар томонидан бузиб ташланди. Билим масканида таълим олаётган 1000 нафарга яқин ўқувчи хавфсизлигига таҳдид бартараф этилди.