Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси ўз йўловчиларига янгиланган сервис маҳсулотлари ҳамда овқатларини тақдим этади, деб хабар берди «Ўзбекистон ҳаво йўллари» матбуот хизмати.
1 мартдан бошлаб «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг 5 соатдан ортиқ давом этадиган парвозларида бизнес-класс йўловчилари учун янги дизайндаги ва таркибдаги йўл тўпламлари таклиф этилади. Парвоз пайтида зарур бўладиган сервис ашёларидан ташқари унга косметик воситалар – Франциянинг парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган таниқли компаниясининг қўл учун намлантирувчи креми, лаб учун балзам ҳам киритилган.
МАКнинг ўрта масофадаги қатновларининг бизнес класс йўловчилари учун ҳам йўл тўпламлари янгиланди ва тўлдирилди. Йўл давомида керак бўладиган қалин рўмоллар ва ёстиқларнинг дизайн ва сифати ҳам ўзгарди. МДҲ мамлакатларига Boeing 767 ва Boeing 787 Dreamliner ҳаво кемаларида бажариладиган қатновларда парвозни қулай ўтишига имкон берадиган эргономик шаклдаги ёстиқлар таклиф этилади.
Бундан ташқари, ўловчиларнинг истакларини инобатга олган ҳолда МАК халқаро қатновларида овқатлар турлари янгиланди. Бизнес-класс йўловчилари менюсига янги турдаги яхна овқатлар, десертлар ва иссиқ овқатлар киритилди.