Тошкентда ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталиги доирасида маркетинг конференцияси, маркетинг ва реклама кўргазмаси, реклама танлови ҳамда инновацион ярмарка, панелли мунозаралар бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА.
«Миллий маркетинг маркази» корхоналар уюшмаси томонидан Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Интеллектуал мулк агентлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу ҳафталикдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда маркетинг соҳасини ва рекламани такомиллаштиришга қаратилгани билан муҳимдир. Шу билан бирга, бундай чора-тадбирлар ушбу йўналишларда фаолият юритаётган мутахассисларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда ўз самарасини беради.
Айниқса, International меҳмонхонасида ўтказилган маркетинг ва реклама кўргазмаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Унда Ўзбекистоннинг реклама агентликлари, дизайн-студиялар, веб-студиялар, матбаа корхоналари, медиа агентликлари, маркетинг агентликлари иштирокчиларни ўз фаолияти билан яқиндан таништирди.
«Кўргазмада йигирмадан ортиқ компания ва корхона ўз имкониятларини намойиш этди. Бу жараён улар учун нафақат мижозлар жалб қилиш, балки ходимлари учун соҳаси бўйича билим ва тажрибасини оширишга пухта замин яратди. Қолаверса, бу кўргазма маркетинг бозорида эришилган ютуқлар билан яқиндан танишиш учун манба бўлди», – деди «Миллий маркетинг маркази» корхоналари уюшмаси бошқаруви раиси Диёр Мирзааҳмедов.
ADWEEK реклама танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўзига хос тарзда ташкил этилди. Унда компания, корхона ва олий таълим муассасалари талабаларининг 250 дан ортиқ иши кўриб чиқилди. Якуний натижага кўра, «Реклама соҳасидаги ютуқлари учун», «Реклама соҳасидаги хизматлари учун» ва «Рекламани ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» ва бошқа номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом ва совғалар билан тақдирланди.