2018 йилнинг 23 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг 140-сонли қарори билан Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси кучга кирди. Бу ҳақда «Дарё»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан яратилган мазкур концепция Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва асосий принциплари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирги мураккаб глобаллашув даврида, ахборот-коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланиб бораётган шароитда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш билан боғлиқ долзарб вазифалар ва уларни ҳал этиш йўллари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оила, маҳалла, таълим-тарбия институтларининг бу борадаги роли ва аҳамиятини, ўзаро ҳамкорлигини миллий ва халқаро ҳуқуқий нормаларни ҳисобга олган ҳолда белгилаб беради.
Шунингдек, Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган «Мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари» мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди ва унда мутахассислар томонидан оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумотлар берилди.
Унда Мудофаа вазирининг ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари полковник Азизбек Икрамов, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқболжон Мирзаалиев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.