Криптовалюталар, айниқса Bitcoin инвесторлар орасида тобора оммалашиб бормоқда, улар бундай валюталарни узоқ муддатли активлар деб атаб, ушбу рақамли пулларнинг қиймати доимий равишда ўсиб боришига умид қилмоқда, деб ёзади Forum Daily.
Аммо криптовалюталардан бири — Ethereum яратувчиси Виталик Бутерин рақамли пулларни ёруғ келажак кутаётгани ҳақидаги тахминларга бутунлай қарши.
У доимий равишда инвесторларни криптовалюта савдосининг юқори рисклари ҳақида огоҳлантиради.
«Эслатма: криптовалюталар ҳамон активларнинг янги ва гиперўзгарувчан синфи ҳисобланади, уларнинг қиймати исталган вақтда нолгача тушиб кетиши мумкин», — деб ёзди у Twitter’да.
«Уларга ўзингиз йўқотиш учун қурбингиз етадиганидан кўп пул киритманг. Агар ўз жамғармаларингизни қаерда сақлашни ўйлаётган бўлсангиз, анъанавий активлар сиз учун ҳамон энг хавфсизи бўлиб қолмоқда», — дея қўшиб қўйди дастурчи.
24 ёшли дастурчи аввал ҳам криптовалюта ишқибозларини улар билан савдо қилишнинг хавфи ҳақида огоҳлантирган эди. 2017 йилнинг декабрида Bitcoin 19 минг долларлик максимал қийматга етганида, у ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини криптовалютага ҳаддан ташқари иштиёқмандликда айблаган ва уларнинг хатти-ҳаракатларини «норасталик» деб атаган эди.
Изоҳ (0)