Хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтириш учун вилоятлар ва Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Фарғона вилояти ҳокимлиги ва ишбилармонлари делегацияси мамлакатнинг Латвиядаги элчихонаси ташкилотчилигида Болтиқбўйи республикаси ҳукумат аъзолари ва тадбиркорлари билан учрашиб, шерикчиликда амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестицион лойиҳаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Муҳаммаджон Обидов хабар берди.
Музокараларга кўра:
- Ditton компанияси инвестицияси иштирокида Фарғонада тракторлар учун занжир ишлаб чиқариш қўшма корхонаси ташкил этиш;
- «ВЭФ Радиотехника РРР» заводи овоз кучайтириш колонкалари ишлаб чиқариш қўшма корхонасига асос солиши;
- Eurasia компанияси Латвиянинг наслли қорамоллари ва уруғларини импорт қилиши, ўзбек чорвадорларининг Латвияда малака оширишини йўлга қўйиш;
- «Миндонобод агросаноат» агрофирмасида ишлаб чиқарилаётган вино махсулотларига Евросертификат олиниши ва Европа мамлакатларига экспортини йўлга қўйиш;
- 2018 йилда Фарғона вилоятидан Латвияга қишлоқ хўжалиги махсулотлари экрпорти ҳажмини 17 миллион долларга етказиш;
- Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик махсулотлари ва минерал ўғитларни экспорт қилиш;
- Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти олий мактаби иштирокида (ISMA) Фарғона Давлат университетида меҳмонхона хўжалиги таълим йўналишини ташкил этиш;
- Рига ва Фарғона ҳайвонот боғи мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашинуви;
- Фарғоналик аёллар касалликлари, кўз ва кардиология мутахассисларининг Рига тиббиёт илмий даволаш марказларида малака ошириши;
- Латвия теннис мураббийларининг фарғоналик ёш спортчилари учун ўқув-йиғинлари, мастер-класс ўтказиши;
- Латвиялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга сафарини Фарғона турфирмалари орқали ташкил этиш каби ўттизга яқин лойиҳалар борасида шартномалар, англашув меморандумлари имзоланди.
2018 йилнинг март май ойларида Латвия ҳукумати аъзолари, йирик корпорация ва компаниялар раҳбарлари ҳамда тадбиркорларининг бир неча гуруҳлари Фарғона вилоятига келиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)