Олмаота, Жамбул, Жанубий Қозоғистон вилоятлари ва Олмаота шаҳрида ўтказилган махсус операциялар натижасида 35 киши қўлга олинди, деб хабар берди Kazakhstan Today.
«Мамлакатнинг чегараолди ҳудудларида контрабанда фаолияти билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳларга қарши курашишни кучайтириш, шунингдек, Қозоғистон миллий хавфсизлиги билан чегара соҳасини тартибга солиш ишларини амалга ошириш мақсадида бош прокуратуранинг коррупцияга қарши курашиш муллий бюроси билан биргаликда Олмаота, Жамбул, Жанубий Қозоғистон вилоятлари ва Олмаота шаҳрида кенг кўламли махсус операция ўтказилди», — деб хабар беради мамлакат бош прокуратурасининг расмий вакили Оксана Лоскутова.
Маълумотларга кўра, ҳозирда 35 нафар гумонланувчи шахс қўлга олинган бўлиб, улар орасида божхона ва чегара хизматининг амалдорлари, брокерлар, ўртакашлар, шунингдек, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари мавжуд.
«Контрабанда маҳсулотлари Қозоғистонга тўғридан-тўғри Хитойдан, шунингдек, қалбаки ҳужжатлар ва божхонанинг яширин схемалари асосида Қирғизистон орқали олиб келинган. Гумонланувчилар чегара органлари ва божхона хизматининг турли лавозимларида фаолият юритади. Маҳсулотлар Қозоғистон ва Россиянинг йирик шаҳарларига юборилган», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)