Шарқий Сибирнинг Ангарск шаҳрида чўян батареянинг ёрилиб кетиши оқибатида тошиб кетган иссиқ сув сабаб икки нафар қария, уларнинг битта ити ва иккита мушуги ҳалок бўлди, деб хабар берди «MK.ru».
Ҳалок бўлган нафақахўрларнинг қизини сўзларига кўра, улар ўтган йилнинг ёзида слесарга бу борада шикоят қилган. Компания бошқарувчисининг айтишича, квартира хўжайинининг ўзи батареяни таъмирлашга уринган ва тасодифан сувни тошириб юборган.
«Время» газетасининг ёзишича, 73 ёшли аёл 12 февраль куни соат 04:00 да қизига қўнғироқ қилиб, турмуш ўртоғининг аҳволи ёмонлашганини, фавқулодда хизматга телефон қилиб тушолмаётганини айтган. Нафақахўрларнинг қизи шифокорларга қўнғироқ қилгунича, унинг турмуш ўртоғи қайнотасиникига отланган. Шу билан бирга марҳумларнинг квартираси остида жойлашган «Сбербанк» офисига томдан чакки ўтаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Қутқарувчилар квартирага фақатгина ойна орқали киришга муваффақ бўлган. Тошиб кетган иссиқ сув ва электр токи оқибатида ҳеч ким омон қолмаган. Шифокорларнинг дастлабки хулосасига кўра, нафақахўрлар куйиш оқибатида ҳалок бўлмаган: эркакнинг аҳволи олдинроқ ёмонлашган — юрак хуружи бўлиши мумкин.
Ҳозирча, сувнинг тошишига айнан нима сабаб бўлгани номаълум. Марҳумларнинг қизи бунда слесарларни айбламоқда.
Изоҳ (0)