Ўзбекистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Эргаш Шоисматов мамлакатнинг Тожикистондаги янги Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлади. Бу ҳақда дипломатик доиралардаги манбасига таяниб, Asia-Plus хабар берди.
Эргаш Шоисматов Президент Шавкат Мирзиёевнинг март ойида Тожикистонга амалга ошириладиган давлат ташрифидан олдин фаолиятини бошлайди.
У 14 йил давомида элчи вазифасида ишлаб келган Шоқосим Шоисломовнинг ўрнини эгаллайди. Шоисломов Ўзбекистон Президенти девонида ташқи сиёсат соҳасида янги лавозимга тайинлангани билдирилмоқда.
Маълумот учун, Эргаш Шоисматов 1951 йилда туғилган. Тошкент политехника институтини тамомлаган. 1996 йилдан 2001 йилгача Ўзбекистон энергетика ва электрлаштириш вазири лавозимида ишлаган. 2001—2006 йилларда «Ўзбекэнерго» компаниясини бошқарган.
2006 йил апрелидан 2010 йил 13 июлига қадар Бош вазирнинг машинасозлик, металлургия, нефть-газ, геология, электр энергетикаси ва кимё йўналишларига масъул ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2014 йилда энергетика ишчилари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси бўлган.
Эргаш Шоисматов 2016—2017 йилларда «Ўзтрансгаз» АК бошқаруви раиси сифатида фаолият олиб борганди.
Изоҳ (0)