«Ўзэкспомарказ» кўргазмалар мажмуида Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси, Тошкент шаҳар ва пойтахт туманлари ҳокимлари, бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг сайёр қабули ўтказилди, деб хабар берди ЎзА.
Сайёр қабулда маълум қилинишича, 2017 йилда Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига пойтахт аҳолисидан келиб тушган 294 мингдан ортиқ ариза ва шикоят кўриб чиқилган. Ўрта ҳисобда уларнинг ҳар 3 тасидан 2 таси ижобий ҳал этилган. Бу мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой, ер майдонлари ажратиш, суд-ҳуқуқ, моддий ёрдам кўрсатиш, иш билан таъминлаш каби масалаларга дахлдор.
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳри ва туманларидаги Халқ қабулхоналари ташаббуси билан давлат идоралари раҳбарларининг 1 мингдан зиёд қабули ташкил этилди. Уларда 6 мингдан ортиқ фуқаро иштироки таъминланди.
Мазкур сайёр қабулда Тошкент шаҳар ҳокими қабулига кириш истагида бўлган 150 фуқаро иштирок этди. Уларнинг мурожаатлари, масалаларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун пойтахтдаги 63 ташкилотдан масъул ходимлар, туман ҳокимлари ва туманлардаги Халқ қабулхонаси мутасаддилари жалб этилди.
Сайёр қабулга келган фуқаролар дастлаб туман ҳокимлари, масаласига кўра тегишли ташкилотлар масъул ходимларига мурожаат қилди. Мурожаат туман ва тегишли ташкилот миқёсида ҳал этилмаган ҳолатда бу масалани шаҳар ҳокими ўз ваколати доирасида кўриб чиқди.
Изоҳ (0)