Жорий йил март ойининг учинчи декадасида Тошкентда «Афғонистон — тинч келажак сари йўл» мавзуида халқаро вазирлар конференциясини ўтказилади. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг маълум қилишича, анжуманда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ бош котибининг Афғонистондаги махсус вакили Тадамичи Ямамото, Евроиттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича олий вакили Федерика Могерини, шунингдек, Россия, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Туркия, Саудия Арабистони ва Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи ишлар идоралари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Тошкент конференцияси ташаббуси бугунги кунда Афғонистондаги вазиятни ҳал қилиш жараёнига жалб қилинган кўплаб давлатлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Россия шу йилнинг мартида бўлиб ўтадиган Афғонистон масалалари бўйича вазирлар учрашуви йиғилиши ташаббусини илгари сурган Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайди», деди.
1999 йилда Тошкентда Ўзбекистон ташаббуси билан низолашаётган томонлар вакиллари, хусусан, «Толибон» ҳамда Афғонистоннинг қўшни давлатлари, Россия ва АҚШ иштирокида «6+2» мулоқот гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтганди. Музокаралар якунида Афғонистондаги можароларни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан Тошкент декларацияси қабул қилинган. Халқаро кузатувчилар Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик жараёнини тарғиб қилиш бўйича муваффақиятли тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, навбатдаги йиғилиш афғон муаммосини ҳал этишда муҳим қадам бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Изоҳ (0)