Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида «Фуқаролик ишлари бўйича судларда экспертиза тайинлаш хусусиятлари» амалий қўлланмаси чоп этилди. Бу ҳақда «Дарё»га USAID’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Қўлланма 4 бобдан иборат бўлиб, дастлаб суд эксперти ва суд экспертизаси тушунчалари, уларнинг низони адолатли ҳал этишдаги аҳамияти, соҳага оид қонунлар ва қонун ости ҳужжатларининг мазмуни, суд-экспертиза фаолияти билан шуғулланадиган ташкилотлар, суд экспертига қўйиладиган малакага оид талаблар ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ёритилган.
Шунингдек, қўлланмада ишда иштирок этувчи шахслар томонидан экспертиза тайинлаш ҳақида қайси ҳолларда ва қандай тартибда илтимосномалар киритилиши, ашёвий далилларнинг тақдим этилиши, экспертиза ўтказиш учун сарф қилинадиган харажатларнинг қай тарзда ва кимлар томонидан қопланиши масалалари ҳам ёритилиши билан бирга амалиётда фойдаланиш учун қулайлик яратиш мақсадида бундай илтимосномаларнинг, ҳар бир экспертизанинг турлари бўйича суд ҳужжатларининг намунавий нусхалари илова сифатида берилган.
Китобда суд экспертизасининг турлари ҳамда уларнинг ўзига хос хусусиятлари, экспертиза ўтказиш асослари ва муддатлари, уни ўтказишда суд процесси иштирокчиларининг ҳозир бўлиш тартиби, улар қандай ҳуқуқ ва бурчларга эга эканликлари тўғрисида атрофлича маълумотлар берилган.
Бундан ташқари, қайси ҳолларда қандай экспертиза тайинланиши мумкинлиги, бу турдаги экспертизаларни ўтказиш қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиниши, экспертлар олдига саволларни қай тарзда қўйиш кераклиги тушунтирилган.
Изоҳ (0)