Ҳозирга кунда, Ўзбекистон олдида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишдек муҳим вазифа турибди. Айни пайтда, мамлакат бу борадаги музокараларни фаоллаштиришга киришиш босқичида.Шу муносабат билан Biznes-Daily мухбири мустақил эксперт, ЖСТ масалалари бўйича ҳуқуқшунос Умида Ҳақназарга бир неча савол билан мурожаат этди.
— Аввало, Жаҳон савдо ташкилотининг асосий вазифаси, мақсади, унинг фаолият тамойиллари ҳақида тўхталсангиз.
— Жаҳон савдо ташкилоти мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо мулоқотларини ўтказиш ва бу борадаги низоларни ҳал этиш имкониятини берувчи глобал майдон ҳисобланади. Бугунги кунда дунёнинг 164 та давлати унга аъзо. БМТ мамлакатлар ўртасидаги сиёсий муносабатларни, Жаҳон савдо ташкилоти эса улар ўртасидаги савдо муносабатларини тартибга солади. Шу билан бирга, ЖСТда БМТ ва бошқа халқаро институтлардан фарқли ўлароқ, аъзо мамлакатлар томонидан мажбурий равишда риоя этиладиган халқаро савдо қоида ва тамойилларидан ташқари, савдо тартибларини самарали қўллаш ва ўзаро низоларни ҳал этиш механизми мавжуд. Ташкилотнинг асосий халқаро савдо тамойиллари ҳақ-ҳуқуқлар чекланмаган ва ҳалол рақобат қоидаларидан иборат. Агар адолатли рақобат қоидаси бузилса, савдода ҳам хатоликлар бўлади. Барча аъзо давлатлар томонидан қабул қилинган қоида ва тамойиллар эса, савдодаги эҳтимолликларни кафолатловчи омил бўлиб хизмат қилади ҳамда, қулай инвестиция ва соғлом рақобат муҳитини яратади. Ташкилотга аъзо бўлгач, кўпгина ривожланаётган ва кам ривожланган мамлакатларда тараққий топган давлатлар билан тенг ҳуқуқда савдо музокараларида иштирок этиш ва муаммолар юзасидан мурожаат қилиш имконияти пайдо бўлган. Албатта, бу жараён мазкур мамлакатларда иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга ёрдам берган. Умуман, ЖСТнинг асосий вазифалари манфаатдор аъзо давлатлар ўртасида кўп томонлама савдо музокараларини ўтказиш, савдодаги низоларни бартараф этиш, аъзо мамлакатлар миллий савдо сиёсатини мониторинг қилиш, бошқа ихтисослашган халқаро муассасалар билан ҳамкорлик олиб боришдан иборат.
— Яқинда ЖСТ бўйича халқаро эксперт Eван Екич мамлакатимизга ташрифи давомида давлат идоралари ва бизнес вакиллари иштирокида бўлиб ўтган семинарда қилган маърузасида ҳозиргача мазкур ташкилот фаолиятига доир шаклланган айрим фикрлар унчалик тўғри эмаслигини айтди. Сиз бу ҳақида нима дея оласиз?
— Бу фикрларга қўшиламан. ЖСТ хусусида кўпгина янглиш ва хато тасаввурлар борлиги, ҳақиқат. Бу, асосан, мазкур ташкилот ҳақида ахборотнинг етарли эмаслиги, қоидаларининг қандай ишлашини билмаслик оқибати бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган мулоҳазалардан иборат. Масалан, энг кўп тарқалган фикрлардан бирида ЖСТга аъзо бўлгач, барча импорт божлари автоматик равишда пасайиши, импорт маҳсулотлари оқимининг бирданига кўпайиши, натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зарар келтириши таъкидланади. Аслида, ундай эмас. Тарифларнинг белгиланган даражаси бу, аввало, ўтказиладиган музокаралар натижасига боғлиқ. Аъзо бўлаётган давлат тарифлар бўйича ўзининг дастлабки таклифларини берганидан кейин ўзаро музокаралар томонларни қизиқтирувчи аниқ товар позициялари бўйича олиб борилади. Баъзи товар позицияси бўйича тарифлар музокараларгача қўлланилганидан анча юқори бўлиши мумкин. Масалан, Қирғизистон ЖСТга аъзо бўлиш чоғида тўқимачилик импорти учун боғлиқлик даражасини бу пайтгача қўлланилиб келинган 10 фоиздан 18 фоизга кўтаришга эришган. Бу мамлакат шу каби бир қатор таъсирга эга товарларни ҳисобга олган. Бундай мисолларни юқоридаги фикрларнинг нотўғри эканлигини, улар экспертларнинг эмас, балки эшитган гапини ҳақиқат сифатида қабул қиладиган одамларнинг тасаввурларидан бошқа нарса эмаслигини исботловчи далиллар дейиш мумкин.
Ташкилотга аъзо бўлгач, қишлоқ хўжалиги соҳасини субсидиялаш тақиқланиши оқибатида бу тармоқ ривожланишдан тўхташи билан боғлиқ фикрлар ҳам кучли асосга эга эмас. Тўғри, субсидия саноат товарларига ман қилинган. Фан ва тадқиқотлар, таълим йўналишига эса субсидия бемалол берилади ва ҳатто бу маъқулланади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эса бундай тақиқ умуман йўқ, фақат ЯИМга нисбатан субсидия ҳажми чегараланган, холос. Ривожланган мамлакатлар учун ЯИМнинг 5 фоизи, ривожланаётган давлатлар учун эса унинг 10 фоизи миқдорида субсидия берилишига йўл қўйилади. Марказий Осиё минтақаси, чунончи Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ЯИМнинг нафақат 10 фоизи, ҳатто 5 фоизи миқдорида ҳам субсидия ҳеч қачон берилмаган. Бунақаси тушимизга ҳам кирмаган. Масалан, Тожикистон музокаралар пайтида қишлоқ хўжалигини ЯИМнинг 8 фоизи миқдорида субсидиялашга келишган. Ваҳоланки, ушбу мамлакат тарихида бундай ҳолат ҳали кузатилмаган. Ўзбекистоннинг музокарачилар гуруҳи томонидан ЯИМнинг 10 фоизи эмас, ҳатто 5 фоизи миқдоридаги субсидия қўлга киритилса ҳам бу катта ютуқ бўлади. Чунки, ҳозир давлат фермерлар маҳсулотларига бозор қийматидан паст нархда тўлайди. ЖСТ қоидалари бўйича эса субсидия нархлар пасайишидан кўрилган зарарни қоплаб бериш демакдир.
Яна бир ҳақиқатдан йироқ фикр ҳақида. Унга кўра, ЖСТ кичик ва камбағал давлатлар учун эмас, у бой мамлакатлар клуби. Бир томондан тўғри, ЖСТ молиявий томондан қўллаб-қувватловчи хайрия ёки донорлик ташкилоти ёхуд молиявий институт эмас. Давлатларнинг ривожланганлик ёки ривожланмаганлик даражаси эса ЖСТ ташкилотига аъзоликка эмас, балки иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий омилларга боғлиқ. Аммо, ташкилот аъзоси бўлган ҳар бир давлат тенг овозга эга эканлиги, қарорлар консенсус асосида қабул қилиниши бор гап. Агар ташкилот раҳбар органининг қарорини кичик давлат ўз манфаатига зид деб ҳисобласа, уни инкор қилиши, кичик давлатнинг ҳам овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
— Халқаро экспертнинг маърузасида «таъсирчан товар» ибораси кўп такрорланди. У билан боғлиқ жараённинг мазмуни ҳақида тўхталсангиз.
— Аъзо бўлиш жараёнида барча аъзо давлатлар билан товарларга тарифлар ва хизматлар бозорига кириш бўйича мажбуриятлар юзасидан музокаралар ўтказилади. Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида ўзининг алоҳида аҳамият касб этувчи тармоқлари мавжуд. Номзод давлат айни шу соҳаларга юқори ҳимоя тарифини мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Худди шундай товарлар таъсирчан товар ҳисобланади. Масалан, Ўзбекистон учун бундай товарлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, мева-сабзавотлар бўлиши мумкин. Ҳозир уларнинг импорт солиғи 150 фоизни ташкил этади (30 фоиз пошлина, 100 фоиз аксиз, 20 фоиз қўшилган қиймат солиғи ва 0,2 фоиз божхона расмийлаштирилуви) ва бу жуда юқоридир. Ташкилотга аъзо давлатлар ушбу тарифни пасайтиришни талаб қилиши мумкин. Музокаралар эса, айни шу боис ўтказилади. Лекин таъкидлаш керакки, бизда ЯИМга ва аҳоли бандлигига жиддий таъсир ўтказиши мумкин бўлган қўшимча қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи тармоқ деярли йўқ. ЯИМдаги асосий улуш хом ашё секторига тўғри келади. Қайта ишланган саноат маҳсулотлари ёки хизматлар экспорти кам ва уларнинг ЯИМдаги ҳиссаси унчалик аҳамиятли эмас. Шунинг учун, ҳозирча таъсирга эга товарлар ёки уларга юқори тарифларни таклиф этиш ҳақида аниқ гап айтиш қийин.
— Ўзбекистон ҳозирда мазкур ташкилотнинг кузатувчиси ҳисобланади. Бу нимани англатади? Кузатувчилик мақоми кейинчалик аъзоликка қабул қилиш жараёнининг кечишига бирор таъсир кўрсатиши мумкинми?
— Ҳар қандай давлат ЖСТга аъзо бўлиб кирмоқчи бўлса, бу ҳақида, энг аввало, ариза тақдим этади. Шу кундан бошлаб ушбу мамлакатга кузатувчилик мақоми берилади. Музокаралар жараёни якунлангач, аъзоликка олиш бўйича қарор қабул қилинади ва мамлакат ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланади. Кузатувчи давлат аъзо мамлакатга бериладиган ҳуқуққа эга бўлмайди. Унда ташкилотнинг турли тадбирларида иштирок этиш, ташкилот маълумотлар базасига кириш ва, албатта, овоз бериш имконияти йўқ.
— Ушбу халқаро ташкилотга аъзоликнинг Ўзбекистон учун афзалликлари нималардан иборат?
— Иқтисодиётни тараққий топтириш учун бозор механизмларини ривожлантириш, хусусий секторга имконият яратиш, қўшилган қийматли маҳсулотларни экспорт қилиш ва иш ўрни барпо этиш керак бўлади. Бундай мақсадга эришишда эса мамлакатда тизимли ислоҳотларни ўтказиш катта рол ўйнайди. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этиб, ишлаб чиқаришни ривожлантиришда, экспортни ўстириш ва кенгайтиришда, бозор ислоҳотларини давом эттириш барқарорлигини таъминлашда ёрдам бериши мумкин. Техник тартибга солиш, божхона маъмуриятчилиги, хизмат соҳасидаги қонунчилик бўйича институционал ислоҳотлар ишлаб чиқариш, илмий-техник ривожланишнинг дунё миқёсидаги жараёнига интеграциялашув имкониятини тезлаштиради ва осонлаштиради. Бу ишбилармонлик ва рақобат муҳитининг янада яхшиланишига олиб келади. ЖСТга аъзо бўлиш алоҳида корхоналарга берилган ҳаммага бир хил бўлмаган имтиёз ва тартибларни бекор қилишни, коррупция даражасини камайтиришни англатади. Хусусий сектор ҳаққоний қоидалар бўйича ривожланади. Масалан, пахта монополиясини бартараф этиш, фермер хўжалигига нимани экишни ва бозор нархида сотишни эркин танлаш имкониятини беради. Натижада янги тармоқлар вужудга келади ва, табиийки, қўшимча иш ўринлари яратилади. Ташкилотга аъзолик янги маҳсулот ва хизматлар бўйича янги стандарт ва қоидаларни шакллантирадиган турли халқаро ташкилот ва битимларда иштирок этишга йўл очади. Юртимизда дунё мамлакатларига экспорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш шароитини туғдиради.
— Муҳим вазифалардан бири музокаралар жараёнини ташкиллаштиришдир. Бу борада, биринчи навбатда, қайси жиҳатларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ?
— Энг аввало, Ўзбекистоннинг музокаралар гуруҳи таркибига ЖСТ музокараларининг асосий предмети бўлган масалаларга масъул турли вазирлик ва идоралар вакиллари киритилиши даркор. Шунингдек, иқтисодиёт ва савдо бўйича вазир ёки вазир ўринбосари даражасида бош музокарачи тайинланиши лозим. Музокаралар барча товар номенклатураси ва хизматлар сектори бўйича олиб борилади. Шу боис, музокаралар гуруҳида иқтисодиётда Ўзбекистон учун зарур бўлган тизимли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўлиқ тушунча бўлиши лозим. Товарлар бўйича музокараларда аъзо мамлакатлар томонидан импорт учун ҳаммага бир хилда бўлмаган аксиз солиғини бартараф қилиш талаби қўйилиши тайин. Бунга эътибор қаратиш керак. Шунингдек, тарифлар бўйича методологияни тақдим этиш лозим бўлади. Хизматлар бўйича музокаралар қийинроқ кечиши мумкин. Ахборот технологиялари бозорига киришдаги чекловларга барҳам беришга тўғри келади. Чунки, барча сектор ва тармоқларнинг ривожи учун айнан ахборот технологиялари жуда зарур. Музокараларда талаб қилинадиган яна бир жиҳат бу ўз технологияси ва билимини жалб қилувчи инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш билан боғлиқ. Молия ва банк сектори ҳамда суғурта соҳасидаги тартиб-тамойилларнинг ошкоралиги музокаралар пайтида кўтариладиган масалалар қаторига киради. Кўпгина хизмат турларини лицензиялаш жараёнини лицензия олиш мезонларининг шаффофлиги нуқтайи назаридан қайта кўриб чиқиш талаб этилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, музокараларнинг самарали ва профессионал даражада кечиши учун тегишли гуруҳларнинг раҳбарлари, ходимлари, мутахассислари ҳамда бошқа жалб қилинганлар, шунингдек, хусусий сектор вакилларига мўлжалланган тренинглар, ўқув семинарларини ўтказиш мақсадга мувофиқдир.Ташкилотга аъзо бўлиб кириш ва ундан кейинги жараёнларда турли халқаро институтлар томонидан кўрсатиладиган техник кўмак сезиларли аҳамият касб этиши шубҳасиз. Шу боис, бундай ёрдамлардан оқилона фойдаланиш келгусида ЖСТ доирасида мамлакат савдо сиёсатини амалга оширувчи савдо ҳуқуқшунослари, иқтисодчилари ва музокарачилари каби кадрларни етиштириш ва тарбиялаш учун замин яратади.
Изоҳ (0)