Шавкат Мирзиёев бугун, 9 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишмоқда. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Олмазор тумани Қичқириқ канали бўйида бунёд этилаётган маданият ва истироҳат боғининг лойиҳаси юзасидан маълумот берилди, деб хабар қилади Президент матбуот хизмати.
Боғда болалар ва спорт майдончалари, замонавий аттракционлар ташкил этилади. Абдулла Қодирий ва Чўлпон номидаги кутубхоналар, Нуронийлар маскани қурилади.
Шавкат Мирзиёев кутубхоналарнинг пойтахт мактаблари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, Абдулла Қодирий ва Чўлпон ижодини ёшларга чуқурроқ ўргатиш зарурлигини таъкидлади.
Аҳолининг дам олиши учун қулайликларни ошириш, хусусан, Нуронийлар масканида чойхона ва аския маркази ташкил қилиш, яқин жойда поликлиника барпо этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Тошкент шаҳрида «Хавфсиз шаҳар» концепцияси асосида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Шавкат Мирзиёев уйма-уй юриб, одамлар билан суҳбатлашиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш, иш ўринлари яратиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурлигини қайд этди.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев Юнусободда метро қурилиши билан танишди
Изоҳ (0)