Бурятиядаги Вознесеновка қишлоғида 30 турдаги ҳайвон борлиги тахмин қилинаётган кўчма цирк ёниб кетди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Цирк эгаси бўлган аёл аввалига ёнғинни ўзи ўт ўчиргичлар ёрдамида бартараф этишга уринган. Кейинроқ цирк ёнидаги ишлаб чиқариш базаси қоровули ўт ўчирувчиларни чақиради.
Россия ФВВнинг республикадаги бошқармасига кўра, ёнғин жониворлар сақланган фургондаги қисқа туташув туфайли келиб чиққан.
Цирк раҳбари ихтиёрида қанча жонивор бўлганини айтишдан бош тортди. Ўт ўчирувчиларни чақирган қоровул фургонда 30 турдаги ҳайвон, жумладан, айиқ ва қоплон бўлганини билдирди.
Ёнғин бошланганда аёл йиртқичлар чиқиб кетишидан чўчиб, фургонни очмаган. Офатни бартараф этган ўт ўчирувчилар даҳшатли манзарага дуч келди: қафаслардаги ҳайвонлар буткул куйиб кетган, уларнинг қандай жониворлигини аниқлашнинг имкони йўқ эди.
Изоҳ (0)