Сергели туманидаги 18-мактабгача таълим муассасасида соғлом овқатлантиришни ташкил этишнинг янги тартиби бўйича илк эксперимент бошланди, деб хабар берди ЎзА.
Сергели туман мактабгача таълим бўлими ҳамда Азия бест дистрибутион МЧЖ билан тайёр таомларни етказиб бериш мақсадида тўғридан-тўғри шартнома имзоланиб, мазкур боғчанинг ошхонаси корхонага фойдаланишга топширилди.
Тажриба – синов тариқасида ўтказилган тадбирда вазирлик раҳбарияти, Тошкент шаҳар мактабгача таълими бош бошқармаси, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ва яна бир қатор мактабгача таълим муассасалари вакиллари иштирок этган.
«Ошпазларнинг ташқи қиёфасидан тортиб, таомнома бўйича тайёрланаётган таомлар технологияси ва сифати йиғилганлар эътиборини тортди, озиқ-овқат маҳсулотлари санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда етказилганига ҳеч қандай шубҳа қолмади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 9 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ишларини эксперимент тарзида амалга ошириш белгиланган эди.
Изоҳ (0)