Ироқ армияси мамлакатнинг Саудия Арабистони билан чегарасидаги чўлни ИШИД террорчилик ташкилоти жангариларидан тозалаш бўйича операцияни бошлади. Бу ҳақда Ироқ ғарбидаги Анбар вилоятида турган қуролли кучлар қўмондони, генерал-майор Маҳмуд ал-Фалахий маълум қилди, дея хабар бермоқда «Коммерсантъ».
«Армия, полиция ва қабила кўнгиллилари бўлинмалари, шунингдек, Ироқ ва халқаро коалиция ҳарбий-ҳаво кучлари кўмагида ҳаракат қилаётган чегара қўшинлари бугун тонгдан Анбар чўлини Ироқ—Саудия йўналиши бўйлаб тозалаш бўйича кенг миқёсли операцияни бошлади», — деди ҳарбий қўмондон.
Эслатиб ўтамиз, декабрь ойи бошида Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий мамлакат ИШИД устидан ғалаба қозонганини эълон қилган эди. У Ироқ армияси Сурия билан чегарадош барча ҳудудлар устида назорат ўрнатгани, шундай қилиб, ИШИДга қарши уруш ғалаба билан якунланганини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)